Юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар
Судъянинг онгида- адолат, тилида- ҳақиқат, дилида- поклик бўлиши шарт.
Юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар замирида бу соҳанинг дунёдаги ривожланган мамлакатлар тизими даражасида бўй кўрсатаётгани айни ҳақиқат эканлигини аниқ ва равшан кўришимиз мумкин. Бугунги кунда айтилаётган гаплар, берилаётган таклиф ва ваъдалар, албатта, амалдаги исботи билан бўлиши талаб қилинаётган бир вақтда, ушбу соҳа ходимлари ҳам олиб бораётган фаолиятларидаги саъй-ҳаракатлари билан лаббай деб жавоб қайтаришга астойдил бел боғлашган.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари соҳадаги туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга замин яратиб берди. Яъна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳужжатларга мувофиқ судъяларнинг ёши, малакаси, касб маҳорати ва ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда етмиш ёшгача ва ундан кейин ҳам, имконияти чекланмаган ҳолда фаолият кўрсатишларига ва уларнинг тажрибаларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бир қаторда суд тизими ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, уларга зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш, яъни суд ходимлари ва фуқаролар учун барча қулайликларга эга бўлган жойларда фаолият юритишлари, судларнинг замонавий биноларда, техника воситаларидан фойдаланиш учун барча чора-тадбирлар кўрилган бўлиши ҳам назарда тутилган. Бу эса, албатта, суд органларининг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга ҳамда судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг республикамиздаги суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш, соҳадаги муаммолар ва истиқболдаги режалар хусусида,тизимда фаолият олиб бораётган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, суд-ҳуқуқ соҳасининг фахрий устозлари ва барча судъялар билан юзма-юз мулоқоти ташкил этилди. Суҳбат асносида, Юртбошимизнинг “Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” номли маърузаси соҳа ходимлари томонидан жуда катта мамнуният ва ҳаяжон билан кутиб олинди. Маърузада таъкидланганидек, адолат – халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгу ишларнинг манбаи бўлиб хизмат қилган. Бу борада эса давлат ва ҳокимиятнинг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта. Бу ҳақиқатни эса мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида чуқурроқ ҳис этишимиз мумкин. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Бу борада судъяликка номзодларни танлаш ва лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судъялар корпусини шакллантириш мақсадида судъялар ҳамжамиятининг янги органи - Ўзбекистон Республикаси Судъялар олий кенгаши ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом этаётганининг тасдиғи эканлиги ҳам алоҳида таъкидланиб, Кенгаш зиммасига янги масъулиятли вазифаларга ҳам кенг тўхтаб ўтилди. Юртбошимиз суд тизимида адолат тамойилларига риоя этиш билан бир қаторда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборат эканлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифадир. Шу ўринда адолат ва маънавият – ўзаро бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканлиги, маънавият бўлмаган жойда эса ҳеч қачон адолат бўлмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Дарҳақиқат, ўзининг маънавияти бутун бўлмаган адолат посбонидан нима ҳам кутиш мумкин? Судъялар ўзларида энг аввало ҳар томонлама маданият устунлиги ва унга ҳамоҳанг ҳолда маънавиятнинг устувор эканлигини намойиш эта билишлари шарт. Шу ўринда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев ўзининг “Судъялик улкан масъулият” номли китобида “Судъялик лавозимгина эмас, у энг аввало, инсонийликдир. Судъянинг одоб-ахлоқ этикаси устуворлигини қолибга солишнинг қатъий кетма-кетликда муфассал ифодалаб беришнинг сира иложи йўқ, у қонунларни мукаммал билиши, доимо муқаддас тутиши ва ҳар бир ишда унга қатъий риоя қилиши шарт. Булардан ташқари, у ўзида чинакам ватанпарварлик туйғусини тарбиялаши, Ватанга ва халққа бўлган садоқатини ҳар бир ҳаракатида намоён эта билиши зарур.” – деган ибратомуз сўзлари бугун соҳа вакиллари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда ана шу фазилатларнинг етишмаслиги туфайлиги, ҳамда устозлари ўгитларига беписанд, эътиборсиз қараётган айрим судъялар ўртасида қонунга зид ҳаракатларни содир этиб, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, фуқароларнинг суд идораларида асоссиз сарсон-саргардон бўлиб юришларига, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари ҳам учраб келаётгани сир эмас. Давлатимиз раҳбари бу каби, инсонлар юрагини озурда қиладиган оғриқли воқеаларни, жойлардаги қаллобликларни аниқ мисоллар орқали келтириб ўтди. Ана шундай кўр-кўроналик, ўз вазифасига совуққонлик билан қараб келаётган соҳа вакиллари ва уларнинг раҳбариятини ҳам қаттиқ танқид қилиб, соҳанинг янги раҳбарлари зиммасига бу каби камчилик ва муаммоларни тезлик билан бартараф этиш, суд органлари ва судъялар фаолиятини қонун ва адолат устуворлиги талаблари асосида самарали ташкил этиш бўйича зарурий чора-тадбирлар кўриш масъулиятини юклади. Шу ўринда, бу борада ўзининг адолатли ва ҳақпарварлиги, фидойи хизматлари ва мукаммал тажрибалари билан халқимиз орасида обрў-эътибор қозонган соҳа фахрийларининг маслаҳатларидан унумли фойдаланишни ҳам назарда тутди. Бундан ташқари, учрашувдаги яна бир муҳим таклиф, яъни айнан шу соҳада “суяги қотган”, халқимиз орасида обрў-эътибор қозонган , халқимз ишонган ва суянган, тажрибали адолат пешволари бўлган судъяларнинг ҳаёт йўли, уларнинг одил судловни амалга ошириш жараёнидаги ижобий тажрибаларни оммалаштирилишига алоҳида аҳамият қаратиш зарур эканлиги ҳам назардан четда қолмади. Жамиятимиз ҳаётида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, ҳамда бу фаолиятда маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларини ташкил этиш ва юритувдаги ишларни кўриб чиқиш кўламини кенгайтириш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиб суд қарорлари ижросини таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизимини шакллантириш ва муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш чорасини кўриш масалалари ҳам кўзда тутилди. Таклифлар доирасида ана шу каби ҳозирги кунда долзарб бўлган масалалар бўйича аниқ тавсия ва амалий кўрсатмалар бериб ўтилди.
Албатта қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик судъялар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши зарур. Суд органлари ходимлари, давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, аввало, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ривожи йўлида кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдириб, бўлиб ўтган учрашувда ҳар томонлама чуқур асослаб берилган долзарб вазифаларни амалга ошириш борасида ўзаро ҳамжиҳатликда, самарали иш олиб бориш ва белгиланган устувор мақсадларга эришиш йўлида бор куч-ғайратларини айамасдан хизмат қилишга аҳд қилишди. Соҳа фаолиятидаги келтириб ўтилган асосли танқидлардан тегишли хулоса чиқариб, ўз зиммаларига юклатилган юксак масъулият Ўзбекистон судъялар ҳамжамияти, суд-ҳуқуқ тизимида хизмат қилаётган барча ходимларнинг ғоят масъулиятли ва шарафли вазифаси, бурчи эканини таъкидлаган ҳолда, ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот
туманлараро судининг раиси Д.К.Эшчанов