Меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз ифодаси бўлган Қурбон ҳайити билан барчангизни самимий табриклайман. Ушбу қутлуғ айёмга, файзли, меҳр-оқибатли, барокатли кунларга етказганига беҳисоб шукроналар айтамиз. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу муқаддас байрамимиз энг аянчли, синовли кунлар, коронавирус инфекцияси тарқалаётган пандемия даврига тўғри келди. Дунё аҳлини қийнаб келаётган коронавирус пандемияси даврида ушбу касалликни енгишда барча қоидаларга, карантин талабларига қаттиқ риоя қилаётганлигингиз, бу борада эса сабр, бардошли, матонатли бўлиб, ушбу офатни енгишга қўшаётган ҳиссаларингиз учун бутун туман аҳлига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Туманда касаллик билан боғлиқ вазиятлар кечаётган бўлсада, иқтисодий томондан тараққиётга қадам қўйилмоқда. Барча соҳада, барча жабҳада юксалишлар, янгиланишлар рўй бермоқда.
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам Президентимиз томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан Хоразм вилоятига 10 млрд.сўм, жумладан, Қўшкўпир туманига 1 млрд. 405 млн. сўм пул маблағлари ажратилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бири ушбу муқаддас кунда пул мукофоти билан тақдирлангани кўпчиликнинг қувончига сабаб бўлди. Айни шу кунларда эл-юртимизга хос бўлган манашундай меҳр-мурувват, саховат туйғулари яққол намоён бўлиб, барчамизни эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод қилиш каби савобли ишларга даъват этмоқда.
Биз манашундай эзгу ишлар замирида ислом динининг инсонпарварлик моҳияти ва қудратини кўрамиз, буюк маънавий мерос ворислари эканимиздан ҳақли равишда фахрланамиз.
Азиз туманимиз аҳли!
Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий қутлайман! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Уйда қолинг ва ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз саломатлигини асранг.