Эрта тонгдан Қўшкўпир туманидаги Қурилиш ва транспорт коллежида таҳсил олаётган бир гуруҳ ёшлар туман ҳокими Жўрабек Раҳимов бошчилигида туман прокурори, ИИО ФМБ, солиқ инспекцияси бошлиқлари билан бирга кўплаб тадбиркорлик объектларида бўлдилар.
ЁШЛАР “НУРИЯ-ЮЛДУЗ” сутни қайта ишлаш корхонасида.
Коллеж талабалари ушбу корхонанинг фаолияти билан танишиб, корхона иш юритувчиси Юлдуз Абдуллаева билан тадбиркорликни қандай бошлагани, фойдали жиҳатлари, қандай меҳнат ва машаққат талаб этилиши, тадбиркор бўлиш учун қандай билимга эга бўлиш кераклиги хусусида ўртоқлашдилар. Ушбу корхонада пишлоқ ва қаймоқ маҳсулотларини тайёрланиш жараёнларининг гувоҳи бўлдилар. Шунингдек, туман ҳокими ушбу фаолиятни янада кенгайтириш, қолаверса, бошқа маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини билдирди. Агар шундай бўлса яна кўплаб ёшларни иш билан таъминлашга эриш лозимлигини айтиб ўтди. Бу сўзлардан руҳланган ёшларнинг кўпчилигида келгусида мана шу йўналишда фаолият олиб бориш истаги туғилди.
-Мен болалигимдан тадбиркорлик соҳасига қизиқиб келганман,-дейди коллежнинг 3-босқич талабаси Юлдуз Абдуллаева.-Туман ҳокимимизнинг бугунги ташаббуси биз ёшларни қўллаб-қувватлади, касбга, ҳунарга бўлган қизиқишларимизни янада оширди. Иш юритувчи билан суҳбатлашганимизда бу ерда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулотнинг фойдали жиҳатлари эътиборимизни тортди. Менинг ҳам коллежни тугатиб, албатта, сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси очиш истагим пайдо бўлди. Бунинг учун эса юртимизда барча шароитлар яратиб берилган.
“Қўшкўпир текс” МЧЖ да ёшлар бир олам таассурот олдилар.
Тикувчиликка ихтисослаштирилган ушбу корхона, айниқса, қизлар учун кенг имкониятлар туҳфа этди. Ёшлар корхонанинг шароитлари, имкониятлари, ишлаб чиқарилаётган тавар ва маҳсулотлар билан яқиндан танишдилар. Корхонанинг иш юритувчисига тикувчилик ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўзларини қизиқтираётган саволларига етарлича жавоблар олдилар. Кўпчилик қизларда шу ернинг ўзида тадбиркорлик билан шуғулланиш, тикувчилик билан халққа хизмат қилиш ҳисси уйғонди. Буни эса уларнинг юз-у кўзларидаги ишонч ва жўшқин руҳда бераётган саволларидан англаш мушкул бўлмади.
Паррандачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалик фаолияти ёшларда ҳайрат ҳиссини оширди.
“Ибрат Рўзмат” паррандачилик фермер хўжалиги жойлашган майдон олдинлари саҳро бўлган. Бу ерда бирор жонивор ёки ўсимликни парваришлашга инсон кўзи етмас эди. Бироқ ўзимизга бўлган ишончимиз ортиб, кучли ирода ва сабр билан бугунги ноёб турдаги жониворларни етиштирдик,-дейди фермер Замира Тожиева.-Хўжалигимизда туяқуш, бедана, қуён, товус каби ноёб жониворларни етиштирмоқдамиз, булар даромаднинг манбаи бўлар экан...Шу тарзда фаолияти билан боғлиқ маълумотларни баҳам кўраётган Замира опа ёшларга турли фойдали маслаҳатлар берди, тадбиркорликнинг йўналишларини тушунтирди. Келажагимиз эгалари ҳар бир парранданинг ўзига хослиги билан қизиқдилар. Уларнинг аксариятида парранда боқиш, кўпайтириш, экспорт қилиш, туяқушнинг терисидан турли кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқариш режаси, иштиёқи пайдо бўлди.
Ёшлар ҳоким хонасида...
Сўнгра, барча ёшлар туман ҳокимлиги биносига келдилар ва аввало, ҳоким хонасига кириб, унинг иш фаолияти нималардан иборат эканлигининг гувоҳи бўлдилар. Туман ҳокими ёшларга қарата, агар сиз яхши ўқисангиз, изланиб, ўз устингизда мукаммал ишласангиз, бугуннинг имкониятларидан самарали фойдаланиб эзгу мақсадларингизни амалга оширсангиз сиз ҳам эртага мана шундай жойларда ишлаб, халққа қизмат қиласиз, кўпларнинг муаммосини ечишга ёрдам бера оласиз. Сиз эртамизнинг келажагисиз, биз сизга суянамиз, келажакда жамиятда ўз ўрнингизни топиб, халқимизга керакли инсон бўлишингизга ишонамиз, дея фикр билдирди. Бундай юксак ишончдан боши кўкка етган бугуннинг ёшлари катта-катта марраларни забт этишга, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига ваъда бердилар. Сўнгра туман ҳокими кичик ва катта мажлислар зали билан таништирди. Шунингдек, туман ҳокими ўринбосарлари ва бошқа раҳбарлар фаолиятини оз бўлсада, яқиндан танишдилар. Ҳар бир раҳбарнинг масъулияти оғир, халқ олдида қиладиган вазифалари бисёр эканлигини англадилар. Раҳбар бўлиш учун эса тинимсиз меҳнат қилиш, ўқиб-изланиш, тажриба орттириш лозимлигини тушуниб етдилар.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви.
Ушбу учрашув транспорт ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи биносида бўлиб ўтди. Унда коллежда таҳсил олаётган барча ёшлар тадбиркорлик масалалари бўйича қизиқтираётган саволлари, бизнес режа ва лойиҳалари ҳамда таклифлари билан иштирок этдилар.
-Бугунги кун кутилмаган янгиликларга, мўъжизаларга бой бўлди,-дейди коллежнинг 3-босқич талабаси Асадбек Отамуродов.- Шахсан туман ҳокими бошчилигида туман прокурори, ДСИ, ИИОФМБ бошлиқлари биз ёшларнинг олдимизга келиб фикрларимизни, муаммоларимизни ўзргандилар, саволларимизга жавоб бердилар. Биз бахтиёр ёшлармиз, сабаби барча шароитлар, имкониятлар айни биз учун туҳфа этилмоқда. Бизнинг келажагимизни қайғуриб, касбга, ҳунарга меҳримизни, қизиқишимизни ошириш мақсадида ҳоким Ж.Раҳимович эрта тонгдан то кечгача бир кунини бизга бағишладилар. Биз ёшлар бундай меҳр ва эътиборга ўзимизнинг мустаҳкам билимимиз билан жавоб қайтарамиз.
Ёшларнинг бир куни чексиз хурсандчиликларга, такрорланмас, ранг-баранг таассуротларга бой бўлди.