Конституция ва Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни
Ассалому-алайкум ҳурматли элдошлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган фидойи, тиниб тинчимас фермерлар, соҳибкор-у миришкор деҳқонлар! Ҳаммамизга маълумки, 2016 йилдан бери муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбасида қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуи ходимлари куни кенг нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан бугун биз сиз билан файзли дастурхон атрофида шодиёналик ила қишлоқ хўжалик ходимлари куни ва туманимизнинг ҳосил байрамини нишонламоқдамиз. Бундай завқли онларда туманимиз равнағига ўз ҳиссасини қўшган меҳнаткаш инсонларни қутламоқ шарафдир. Фурсатдан фойдаланиб, далаларда минг заҳматлар, машаққатлар ила ҳосил етиштирган қишлоқ меҳнаткашларини, уларга яқиндан ёрдам берган соҳа ходимлари, ҳашарчиларни, йиғим терим ишларида ёрдам берган барчани, сабзавоткор - у боғбонларни қўшалоқ байрам ва Конституциямизнинг қабул қилинганлигининг 27 йиллиги билан чин юракдан бутун туман аҳли, туман ҳокимлиги номидан муборакбод қиламан. Барчангизга ишларингизда омад, зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламан.
Тўйга тўёна билан келиш халқимизнинг азалий удумларидан саналади. Туманимиз деҳқонлари ҳам бу кунга зафарлар билан етиб келдилар. Қишлоқ хўжалигининг илк ҳосили бўлмиш пилладан, ғалладан, кейин эса пахтадан, қолаверса, шоли етиштириш режасини ҳам ошиғи билан уддаладилар. Бунда албатта агротехник қоидаларга амал қилиб, вақтида экинларга ишлов берган фермер хўжаликларнинг ҳиссаси жуда катта бўлди.
Айниқса, “Муаттар” “Абдулла ота”, “Мадад”, “Ўртаёпли Қуромбой Қўшоқ”, “Ҳамроҳ”, “Дуржон момо”, “Омонбойбек Ғозовотли”, “Мақсад Ўртаёпли”, “Жавоҳир-Сардор”, “Равшанбек-Дониёрбек”, “Аннамурод” каби фермер хўжаликлари номини фахр билан тилга олсак арзийди..
Юқори натижаларга эришган фермер хўжаликларидан ўнтаси Республика фермер, деҳқон хўжаликлари, ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан “Ташаккурнома” билан тақдирландилар. Уларни номма-ном келтириб ўтаман. “Равшанбек Дониёрбек”, “Мадад”, “Мақсад Ўртаёпли”, “Ўртаёпли Қуромбой Қўшоқ”, “Абдулла ота”, “Дарбанд барака”, “Саид Муҳаммад Темур”, “Омонбойбек Ғозовотли”, “Хонобод олтин тола”, “Жамшид” каби фермер хўжалик аъзолари ўз меҳнатлари туфайли шундай рағбатга эришдилар.
Илғор фермерлар баҳорда, ёз бўйи шижоат ва ғайрат билан ишладилар. Эришган натижалари ҳам шунга яраша бўлди. Бу йил фермер хўжаликларини мақбуллаштирилгани, қолаверса шахсан муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётганларга яратиб берилган шарт шароитлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса қишлоқ хўжалигини моддий техник ресурслар билан таъминлашни янгича услублари яратилгани муваффақиятларга замин яратди. Пахтакорларимиз ҳар йилгидан кўра мўл ҳосил етиштирдилар. Фурсатдан фойдаланиб, деҳқонларга ҳамиша мададкор бўлган барча-барчага чуқур миннатдорчилигимни билдиришга рухсат этгайсизлар. Чунки ердан дур ундириш барчадан жўқинликни, зарбдорларча ишлашни ва бир бировни қўллашни тақозо этади.
Ҳурматли элдошлар! Сиз билан бизнинг олдимизда масъулиятли дамлар, ғоят муҳим сиёсий жараён турибди. Шу фурсатдан фойдаланиб барчангизни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга чорлаб қоламан. Бизнинг деҳқонларимиз, туман аҳли ўз сиёсий фаолликларини ҳам олий даражада намойиш қила оладилар деб ишонч билдириб қоламан. Қолаверса, янги йилда кўзланадиган ҳосилга бугундан бошлаб замин ҳозирлашингизни сўрардим. Бу йўлда барчангизга куч- қувват, омадлар тилайман.