Аввало, сиз, азизларни, “Устоз” деган шарафли номни улуғлаб келаётган барча ўқитувчи ва мураббийларни улуғ айём 1 октябр – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчанггизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз. Ҳақиқатдан хам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоғлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.
Шунингдек, бизга инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Миромонович томонидан мамлакатимиз таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳатлар жараёнида ўқитиш тизимининг халқчиллигини таъминлаш, унинг тобора ижтимоийлашувига аҳамият қаратиш, бунда ўқитувчи ва мураббийлар, маърифат фидоийлари, олимлар, ота- оналар, экспертлар, қолаверса, ўғил қизларимизнинг орзу-истаклари, мақсад муддаолари инобатга олинган ҳолда кенг ва атрофлича ёндашилмоқда. Сўнги уч йил мобайнида таълим соҳасида қабул қилинган қонун хужжатлари ўн бир йиллик таълимга ўтиш, ўқитиш сифатини тубдан яхшилаш, болалардаги иқтидор қирраларини эрта аниқлаш, уларни тўғри йўналтириш, таълим олиш имкониятларини тобора кенгайтириш ва бошқа жиҳатларда намоён бўлмоқда. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар жараёнида ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш, уларни ортиқча ва кераксиз, фаолияти билан боғлиқ бўлмаган юмушларга жалб этмаслик, педагогларнинг касбий малака ва маҳоратини янада ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида амалий қадамлар қўйилди.
Аслида ҳам азалдан халқимизда ўқитувчи касби, унинг ғоят мураккаб меҳнати эъзозлаб келинган. Бунда катта ҳикмат бор. Зеро, Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек, кимки сенга бир ранж билан ҳарф ўргатган бўлса унинг ҳақини юз ганж билан ҳам адо этиб бўлмайди деган. Бу бежиз эмас, албатда ўқитувчи жажжигина болага минг машаққат билан ўқиш, ёзишни ўргатади, уни илм маърифат сари етаклайди.
Бугун биз замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматинггизни юксак қадрлаймиз.
Туманимизда 54 та умумтаълим мактаблари, 1 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 29 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Уларда 3 минг нафардан зиёд олий маълумотли таълим соҳаси ходимлари ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда. Барчамизга маълумки, пандемия сабабли мактабларимизда дарслар онлайн тарзда олиб борилди. 2019-2020 ўқув йилида яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда туманимиз ўқитувчи ва ўқувчилари вилоятимизда, Республикамизда ўтказилган турли кўрик-танловлар ва тадбирларда фаол иштирок қилдилар.
Жумладан, 1-сон мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Нафиса Рўзимова “Дўстлик” ордени билан, 1-сон ихтисослаштирилган мактаб интернатининг Давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Дилдор Абдуллаева “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан, 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Севара Рўзметова “Шуҳрат” медали билан тақдирландилар.
Бир сўз билан айтганда, устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қиладилар, десам янглишмайман.
Ҳурматли ва азиз устозлар! Бугун сизнинг орангизда меҳнат қилаётган юзлаган таълим фидойиларининг ҳар бир иши таҳсинга сазовордир.
Сизнинг меҳнатларингиз туфайли туманимиз ўқувчилари турли фанлар бўйича олимпиадаларда юксак натижаларни қўлга киритиб келмоқдалар. Австралиянинг СЕАМО халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, 4-сонли ихтисослашган мактабининг 3-синф ўқувчиси Сирожбек Қўзиев кумуш медал билан, 4-синф ўқувчиларидан Маржона Аллаберганова ва Мухиддин Полвоновлар бронза медали билан тақдирландилар.
Ҳурматли устоз ва мураббийлар бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб–ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонаман.
Азиз устозлар, сизларни яна бир бор 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик–хотиржамлик, файзу- барака тилайман.